Кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчиларга компенсация берилади

“Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
2022–2024 йилларда 310 та пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерларининг чорвачилик комплексларида 751 916 бош қорамол етиштирилади.
2022–2023 йилларда ҳар бир туманда камида 1 тадан гўшт ва сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар аҳолига кооперация усулида чорва етказиб беради, етиштирилган маҳсулотлар қайта ишлаб сотилади.
Қарорга мувофиқ, кооперация усулида гўшт ва сут етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйган хўжалик юритувчи субъектларга чорвачилик йўналишида:
ажратиладиган 20 миллиард сўмгача кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоизидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ҳамда кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади;
жалб қилинадиган халқаро молия институтларининг кредит маблағлари 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади.
2022 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабргача:
ҚҚС тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидия миқдори 2 000 сўмдан 4 000 сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилади;
чорвачилик хўжаликлари томонидан кредит ва лизинг шартлари асосида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари кредит ва лизинг фоизи харажатларининг 10 фоиз пунктидан ортиқ қисми республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади;
озуқа экин ер майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига унинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилади;
гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда, мазкур ускуна қийматининг 100 миллион сўмдан ошмаган қисми қопланади.
Тегишли рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган озуқа экинларини экиш, йиғиш ва озуқа тайёрлаш қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2025 йил 1 мартгача божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва утилизация йиғимидан озод қилинади ҳамда тадбиркорлар ҚҚСни 180 кунгача кечиктириб тўлаши мумкин.