Россия ва Беларусдан иборат Иттифоқ давлатига Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам қўшилади, дея ишонмоқда Беларус президенти Александр Лукашенко.
“Соловьёв LIVE” каналида эълон қилинган интервьюда Беларус президенти Александр Лукашенко 1999 йилда Россия ва Беларус иштирокида тузилган Иттифоқ давлати кенгайиши мумкинлигини айтган.
“Биласизми, Беларусь аллақачон ушбу иттифоқда. Қозоғистон учун январдаги норозиликлари яхши сабоқ бўлади деб ўйлайман. Агар сиз 15 йиллик муддат десангиз, агар биз хатога йўл қўймасак, Украина Иттифоққа қўшилишига ишончим комил”, – деди Лукашенко.
У Арманистон “ҳеч қаерга бора олмаслиги” сабаб Иттифоқ давлатига қўшилишини тахмин қилди. Озарбайжонни эса Туркия “жуда жиддий қўллаб-қувватлаётгани”ни айтади. “Биз бу бўйича кўп хатоларга йўл қўйдик, бу – алоҳида мавзу”, таъкидлади у.
“Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга келсак, аввало иқтисодий заруратдан келиб чиқиб, ўйлайманки, улар ҳам қўшилади”, – деди Александр Лукашенко.
Иттифоқ давлати – бу Россия ва Беларуснинг миллатлараро тузилмаси, босқичма-босқич ягона сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, божхона, валюта, ҳуқуқий, гуманитар, бозор ва маданий ҳудуд ташкил этилади.
Уюшманинг ривожланиши 2021 йилда бошланди. 2023 йилнинг 1 декабрига қадар давлат раҳбарлари ягона газ бозори ҳақида келишув имзолашни режалаштирмоқда.