ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тадбиркорларга мурожаат қилиб, пойтахтда ерни қонуний йўл билан, аукцион орқали олишга чақирди.
Ҳоким 2021 йил июнь ойидаги президент фармони билан ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартиби жорий этилганини эслатди. Хусусан, тадбиркорлик объектларини қуриш учун ер участкалари фақат электрон онлайн-аукцион орқали ажратилиши белгиланган. Туман (шаҳар) ҳокимларининг тўғридан-тўғри ер майдони ажратиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати бекор қилинган.
“Шунга қарамасдан, жойларда ҳанузгача ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилмаларни қуриш, енгил қурилмаларни ўрнатиш, автобус бекатлари ўрнида ҳеч бир рухсатсиз савдо дўконларини қуриш каби салбий ҳолатлар кўплаб учрамоқда”, - дейилади мурожаатда.
Таъкидланишича, айниқса, бундай қурилмаларнинг аҳоли яшаш массивлари ичида, йўлнинг ҳимоя ҳудудларида, катта босим остида бўлган сув, газ қувурлари ўтказилган ҳимоя ҳудудларида барпо этилиши ҳолатлари аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига, ташқи муҳандислик тармоқларини қисқа муддатларда таъмирлашга салбий таъсир қилмоқда.
“Сўнгги вақтларда ўзининг танишлари орқали ер олиб беришни ваъда қилаётган ёки турли сохта “қарорларни” кўрсатиб, кадастр ҳужжатини кейин ҳал қилиб беришга ишонтириб, ер сотиб олишни таклиф этаётган шахслар кўпайиб кетди. Уларга ишонманг”, - дея мурожаат қилди Ортиқхўжаев.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, тадбиркор мулкини бузиш, унга зарар етказиш ҳокимликнинг мақсади эмас. Аммо амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерда қурилган бино ва иншоотларнинг мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди. Аксинча, ушбу ерни давлат захирасига қайтариш учун қурилган бинолар ҳеч қандай компенсация тўланмасдан бузилади ҳамда айбдор шахслар жазога тортилади.
Мурожаатда келтирилишича, бунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини давлатга қайтариш Ер кодексига мувофиқ, ҳокимларнинг қарорига ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади. Турли қонунга хилоф йўллар ва ҳужжатларсиз олинган ерлар ноқонуний бўлиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррар ҳисобланади.
“Пойтахтимиз аҳолиси ва депутатларимиздан ҳам ўзлари яшаётган ҳудудларда ноқонуний равишда ўрнатилаётган енгил қурилма дўконлар, фаст-фуд шохобчалари ва автобус бекатлари ўрнида қурилаётган дўконлар ҳақида ўз вақтида ваколатли идораларга хабар беришларини, атрофдаги воқеликларга бефарқ бўлмасликларини илтимос қилардим”, - дея мурожаат қилган пойтахт ҳокими.
Ортиқхўжаевнинг таъкидлашича, тадбиркорлик инсондан катта жасорат, ақл, меҳнат ва маблағ талаб қилади.
“Тадбиркорлик билан шуғулланар экансиз, ўз маблағингизни эҳтиёт қилиб, ер олиш учун аукционда иштирок этиб, ернинг қонуний эгаси бўлинг. Ноқонуний ҳаракатларга аралашиб маблағингизга куйиб қолманг, алданманг, сармоянгизни тўғри сарфланг!”, - дейди у.
Ҳоким тадбиркорлардан ўз бизнеси учун бино ёки ер участкасини сотиб олишдан олдин ваколатли органларнинг мутахассислари, малакали ҳуқуқшунослар ва адвокатлардан маслаҳат олишни илтимос қилган.