ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Тиббиёт соҳаси бўйича йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Турғунпўлат Даминов 6 февраль куни 81 ёшида вафот этди, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати
Турғунпўлат Даминов 1941 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1964 йилда Тошкент давлат медицина институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)ни тугатган. 1969 йилда номзодлик, 1986 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.
Даминов меҳнат фаолиятини 1969 йилда Тошкент давлат медицина институтида ассистент сифатида бошлади. Ушбу муассасада доцент, кафедра мудири вазифасида фаолият юритди. Кейинчалик Педиатрия илмий текшириш институти директори, Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти ректори, Тошкент тиббиёт академияси "Юқумли касалликлари ва педиатрия" кафедраси мудири, мазкур кафедра профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди.
У мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, тиббиёт фанининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган.
Олимнинг тиббиёт соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 500 дан зиёд илмий мақолалари, 20 га яқин китоб ва монографиялари ҳамда 40 дан зиёд услубий тавсиянома ва қўлланмалари мутахассисларга яхши маълум.
Айниқса, тиббиётнинг педиатрия ва юқумли касалликлар каби муҳим йўналишларини ривожлантириш ва бойитиш борасида ўз илмий мактабини яратди.
Академик Турғунпўлат Даминов “Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.