ТОШКЕНТ, 7 фев - Sputnik. Ўзбекистонда салкам 70% аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади. Бу ҳақида "Ўзсувтаъминот" АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 69,7 %ни ташкил этмокда. Қолган 30,3 % аҳоли муқобил сув манбаларидан фойдаланади. Жумладан, 9 % - махсус сув ташувчи транспорт воситалари орқали, - дейилади хабарда.
Шунингдек, сўнгги 2 йил давомида Ўзбекистонда 988та маҳаллага ичимлик суви ўтказилди ва ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган маҳаллаларнинг сони 3 829 тани ташкил қилди.. Бу 2020 йил 1 январь ҳолатига қараганда 35 % кўп.
2021 йил давомида республика аҳоли пунктларида 5,3 минг км ичимлик ва 303,2 км оқова сув тармоқлари тортилган.Ундан ташқари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича 352 та маҳаллада 3 890,9 км ичимлик ва 77,7 км оқова сув тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган. Орол бўйи минтақасини ривожлантириш мақсадида 372,3 км ичимлик ва 7,1 км оқова сув тармоқлари қурилган ва таъмирланган.