ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай тақиқлаш таклифига муносабат билдирди.
“Мен ахборот эркин тарқатилиши тарафдориман. Техник томондан буткул блоклаш имконияти борми? VPNʼлар бор-ку. Биласизми, ҳар куни қанча янги дастурлар чиқади. Биз жаҳолатга қарши маърифат билан курашишимиз керак”, - деди Давлетов жамоатчиликка ҳисобот бераётган вақтида.
Вазирнинг фикрича, ахборот майдони эркин бўлиши керак.
“Ёмон контентлар фақат TikTokʼдами? Унда қаердан диний экстремизм, зўравонликка тарғиби кучайяпти? Блоклаш техник жиҳатдан қийин масала. Ўйлайманки, бу ҳеч қандай самара бермайди”, - дея хулоса қилди у.
Аввалроқ “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклаш таклифини илгари сурган эди. Бунга қадар "Миллий тикланиш" партияси шундай таклиф билан чиққан эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 2 июль куни айрим ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok’дан фойдаланиш расман чекланган эди.