ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. БААда одам савдосида гумонланиб, 9 йилдан буён қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл депортация қилинди.
БААда одам савдоси билан шуғулланганликда айбланган ўзбекистонлик аёл мамлакатдан депортация қилинди.
Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабарига кўра, аёл сотиш ва эксплуатация қилиш мақсадида яхши ҳақ тўланадиган иш ваъда қилиб, қизларни БААга олиб борган ва у ерда паспортларини олиб қўйиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.
Аёл Ўзбекистонни тарк этгани боис унга нисбатан судланувчи сифатида сиртдан қарор чиқарилган бўлган. У 2013 йилдан бери Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган.
"Бугунги кунга келиб Интерпол ММБ ва Бухоро вилояти ИИБ ходимларининг музокаралари ва биргаликдаги тезкор ҳаракатлари туфайли қидирувда бўлган аёл БАА ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинди", — дейилган хабарда.