Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида 4 балли зилзила содир бўлди

Афғонистонда юз берган зилзила Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида сезилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ўзбекистонда 5 февраль куни соат 09:16 да зилзила қайд этилди, деб хабар бермоқда ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази.
Маълум қилинишича, зилзила эпимаркази Афғонистонда, координаталари: 36,32 градус шимолий кенглик; 71,09 градус шарқий узунлик. Ерости силкинишларининг эпимаркази Тошкентдан 573 километр жануби-ғарбда жойлашган бўлиб, ўчоғи 225 километр чуқурликда, магнитудаси 6,8 баллга тенг бўлган.
Ўзбекистон ҳудудларида сезилиш кучи Сурхондарё вилоятида 4 балл, Фарғона, Сирдарё, Андижон, Жиззах, Самарқанд, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида 3-4 балл, Навоий ва Бухоро вилоятларида 3 балл, Тошкент шаҳрида 3 балл, Хоразм вилоятида 2-3 балл, Қорақалпоғистон Республикасида эса 2 баллни ташкил этган.