ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Москвада COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш муддати 7 кунгача қисқартирилади. Бу ҳақда шаҳарнинг коронавирус тарқалишига қарши тезкор штаби маълум қилди.
“Роспотребнадзор қарори ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги фармонига биноан COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш муддати 7 кунгача қисқартирилади”, - дейилган хабарда.
Аниқлик киритилишича, янги қоида фақат 6 февралдан бошлаб коронавирус тасдиқланган беморларга тааллуқли.
6 февралгача касалланганлар 14 кунгача ўзини яккалаш тартибига риоя қилишлар зарур.
Сўнгги кунларда Россияда коронавируснинг омикрон штамми кенг тарқалмоқда. Деярли ҳар куни антирекорд қайд этилмоқда. 4 февраль куни 177 мингдан зиёд кишида коронавирус аниқланди. Шулардан фақат 18 032 нафари касалхонага ётқизилган. Омикрон асосан енгил кечаётгани сабаб кўпчилик уйда даволанмоқда.
Пандемия бошланганидан буён Россияда 12,6 миллиондан зиёд киши коронавирус юқтириб олган. Шулардан 10,5 миллиондан ортиғи тузалиб кетган. 334 753 киши ковид қурбони бўлган.