ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги йўлнинг қатнов қисмини ажратиб турувчи бордюр устида ёш йигитнинг овқатланаётгани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) ҳолат юзасидан текширув ўтказди.
Маълум қилинишича, воқеа 31 январь куни соат 10:00 атрофида Шайхонтоҳур тумани Хадра маҳалласи ҳудудидаги йўлнинг қатнов қисмида рўй берган. У ерда вояга етмаган 17 ёшли С.О. овқатлаган.
ИИББ хабарида таъкидланишича, фуқаро бу хатти-ҳаракатлари билан ўзини ва атрофдаги шахсларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган.
Ҳолат юзасидан вояга етмаган бола билан профилактик суҳбат ўтказилган. Унинг онасига эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик)га асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.