ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. 2022 йил 1 июлдан автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган “Shaffof yo'l” платформаси тест режимида ишга туширилади. 2023 йил 1 январдан эса тўлиқ ишга туширилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарор билан мазкур платформада жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар (17 та) рўйхати тасдиқланди.
“Shaffof yo'l” платформасининг алоҳида саҳифаси орқали аҳолининг йўллар носозлиги, шунингдек, йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш учун юзага келган фавқулодда техник муаммолар (светофорлар ва йўл белгилар ўрнатилмаганлиги ёки уларнинг шикастланганлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар) ҳақида фото- ва видеомурожаатлар – жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади.
2022 йил 1 майгача автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн харитаси-схемаси ишлаб чиқилиб, платформага жойлаштирилади.
2023 йилдан бошлаб ва кейинчалик ҳар йили кейинги йилда қурилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши назарда тутилган барча тоифадаги йўл участкаларини харитага жойлаштириш амалиёти йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали туман (шаҳар)лар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағлар жамоатчилик фикри асосида шаклланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтирилади. Бу бўйича алоҳида низом тасдиқланди.
Унга кўра, жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашда таклифларни қабул қилиб олиш ҳар йили 10 январгача, билдирилган таклифлар орасидан ғолиб таклифларни овоз бериш йўли билан аниқлаб олиш жорий йилнинг 31 январига қадар амалга оширилади.
Таклифларни юбориш ҳамда овоз бериш жараёнида вояга етган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Фуқаролар ҳар йили ички йўлларни таъмирлашга доир фақат битта таклифни киритиши ҳамда битта таклифга овоз бериши мумкин. Фуқаролар ўзлари томонидан киритилган таклифга овоз бериши тақиқланади.
Фуқаролар томонидан танланган ички йўллар ахборот порталида автоматик равишда таклиф сифатида шаклланади ва бошқа фуқароларнинг овоз бериши учун имконият яратилади.
Ҳар бир туман ва шаҳарларда билдирилган таклифлар бўйича берилган энг кўп овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб сараланади.
Ғолиб таклифлар туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизи доирасида таклифларни амалга ошириш қийматини ҳисобга олган ҳолда автоматик тарзда кетма-кетлик бўйича аниқланади.
Қарорга кўра шунингдек, 2022 йил 1 мартгача ички хўжалик йўлларининг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номи, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотларни ўз ичига олган Ички хўжалик йўллари реестришакллантирилади.