ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 2 февраль куни вилоятдаги кушхоналар ва қассоблар фаолиятини тартибга солиш бўйича ўтказилган йиғилишда танқид қилган журналист, блогер ва жамоатчилик фаоллари рағбатлантирилишини айтди, деб хабар қилди "Zarnews" нашри.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, 15 февралдан бошлаб блогерлар, журналистлар, жамоатчилик — ким "негативка" олиб келса, мукофотланади.
“Мен ўзим алоҳида пул топиб бераман. Ким олиб келишини фарқи йўқ, кўчадаги одам бўлсаям майли. Расмга олинган бўлса, тасдиқланган бўлса бўлди”, - дейди Турдимов.
У каттароқ материал бўлса кўпроқ, кичикроқ материал бўлса камроқ пул берилишини таъкидлади.
“Чунки халқнинг саломатлиги бу. Журналистлар камчиликлар ҳақида яхши кўрсатув қилиб келса, масалан, тиббий кўрикдан ўтмаган одам гўшт сотаётган бўлса, СЭСнинг ўша вакили ишдан кетади. Жавобгарликка торттираман, ҳеч балони қўймайман. Қассобнинг ўзини шармандасини чиқараман. Судга бериб, бир йилга қассобчилик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қиламан. Қани биттаси ўша жойга штампни урсин бутун дунёга шарманда қилдираман”, — дея ваъда берди Самарқанд вилояти ҳокими.
Таъкидланишича, шу каби жамоат ишларида фаол иштирок этганлар бюджетдан рағбатлантирилади.
"Буни қандай қиламиз? Масалан, маҳалла раиси, ‘участковой’ бюджетдан ойлик олади, тўғрими? Ҳоким ёрдамчиси, ветеринарй, вет-лаборатория ҳам бюджетдан ойлик оладими? Жарима! Ойлигидан 30-40 фоиз жарима қилиш мумкинми? Ҳаммасининг жаримаси бюджетга тушади ва ‘эконом’ бўлиб қолади. Ўша суммадан уларга мукофот пули ёзиб берамиз", — дея хулоса қилди Турдимов.