Биринчи мартдан “Яшил йиллик” бошланади – президент

Шавкат Мирзиёев баҳорда 125 миллион туп кўчат экиш вазифасини қўйди. Тадбирга барча ҳокимликлар, экоқўмита, ИИВ ва Миллиё гвардия ҳам жалб қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 фев – Sputnik. Ўзбекистонда 1 мартдан бошлаб “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланади хабар қилинди президент ҳузурида 2 феврал куни бўлиб ўтган “Яшил макон” умумиллий лойиҳасига бағишланган мажлисда.
“Умуман, 1 мартдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланади <…> Бу тадбирлар оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиши, ҳар бир туман ва шаҳар, маҳалла, кўча, давлат ташкилотлари, олийгоҳлар, мактаблар, корхоналаргача кириб бориши зарур", - деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбир доирасида ҳар бир муассасанинг ўз вазифаси бўлади, хусусан:
Ҳокимликлар - дарахтларни парваришлаш, суғориш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича тизим яратиши;
Ҳисоб палатаси - ҳақиқий экилган кўчатлар ва уларни парвариш қилишни тизимини назорат қилиб бориш;
Экоқўмита, ИИВ, Миллий гвардия ва вилоят ҳокимлари - мобиль экопатруллар фаолиятини йўлга қўйиш;
Вилоят ҳокимлари ва тегишли идоралар - аукционда сотувда турган 35 мингта ер участкаларини хатловдан ўтказиб, улардаги кўп йиллик ва қимматбаҳо дарахтлар реестрини шакллантириш вазифалари қўйилди.
Шунингдек Шавкат Мирзиёев "Яшил макон" лойиҳаси бир йиллик тадбир эмаслигини таъкидлаб, ушбу борада устувор вазифаларни белгилаб берди:
баҳорда 125 млн кўчат экиш;
ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос кўчатларни етарли миқдорда етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш;
“дафтарлар”га кирган, кўчат экиш бўйича тажрибаси бор аҳолига кўчатхоналар ташкил этиш ва зарур техника, сифатли ниҳоллар ва уруғлар харид қилиш, кўчатлар етиштириш учун субсидиялар ажратиш;
кўчатларни етказиб беришда очиқ-ошкораликни таъминлаган ҳолда, уларнинг нархи асоссиз ошиб кетмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатиш;
камида 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш;
халқаро ва республика аҳамиятидаги йўлларнинг четларига 1,5 миллион дона дарахтдан ихотазорлар ташкил этиш.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси 2021 йилнинг ноябрь ойида бошланган эди. Унинг доирасида республика ҳудудида 200 миллионта дарахт кўчатини экиш режалаштирилган эди.Кузада эълон қилинган “долзарб 40 кунлик” доирасида 85 миллион дона дарахт кўчатлари экилди.