ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклаш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Партия фаолларининг таъкидлашича, TikTok’да ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг кўпаяётгани мазкур масалага жиддийроқ ёндашиш лозимлигидан далолат бермоқда. Бунга самарқандлик мактаб ўқувчисининг отаси тенги эркак юзига тепгани мисол қилиб келтирилган.
“...TikTok сингари мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бутунлай блоклашимиз лозим. ‘Шусиз ҳам тақиқлар мавжуд-ку’, дейишимиз мумкин. Бироқ кўр-кўрона машҳурликка ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда шуҳрат қозонишга ‘олтин кўприк’ вазифасини ўтаётган TikTok билан тиктокерларимиз VPN иловаси орқали уланиш имконияти борлиги бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш зарурлигини кўрсатади”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова ҳам TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилган эди. Ўшанда депутат Навоий шаҳридаги икки ўқувчи қиз дарс пайтида TikTok орқали тўғридан-тўғри эфирга чиқиб, ножўя сўзлар ишлатгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлганини таъкидлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 2 июль куни айрим ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok’дан фойдаланиш расман чекланган эди.