ТОШКЕНТ, 2 фев - Sputnik. Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги интернетда муҳокамаларга сабаб бўлаётган ролик уларнинг ташаббуси эмаслигини маълум қилди.
Биринчидан, ушбу видеоролик Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан тасвирга олинмаган, муаллифлар билан бу бўйича ҳеч қандай келишув ҳам бўлмаган.
Иккинчидан, вазирлик видеоролик аввалида соҳибқирон Амир Темур ҳақида айтилган фикрларга ҳайриҳоҳ эмас, - дейилган хабарда.
Шунингдек вазирлик ушбу каби роликлар Ўзбекистонга сайёҳлар жалб қилишда ёрдам беришига ишонч билдирди.
"Видеороликнинг ўзини умумий оладиган бўлсак, бу каби видеолар мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда ижобий хизмат қилади", - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Youtube тармоғида 27 январ куни "Uncharted vs Tomb Raider vs Indiana Jones" видеолавҳаси пайдо бўлган эди. Видеолавҳа бошида Амир Темур ҳақида маълумот берилган. Унда соҳибқиронни "қонхўр хукмдор" сифатида тавсифланган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда турли муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлган эди.