ТОШКЕНТ, 1 фев - Sputnik. Тошкентда инсон қадри индекси жойи этилади. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев ҳузурида 31 январь куни бўлиб ўтган лойиҳалар тақдимотида маълум бўлди.
Тошкентнинг Чилонзор, Учтепа, Сергели ва Юнусобод туманларидан биттадан маҳалла танлаб олиниб, аҳоли ўртасида 56 хил масала бўйича сўровнома ўтказилган. Бу орқали маҳаллада қайси соҳа оқсаётгани, одамларда нималарга талаб борлиги аниқланган.
Келажакда ана шундай таҳлилни синов тариқасида пойтахтнинг барча маҳаллаларида йўлга қўйиш, унинг натижаларига қараб, муайян ҳудудга эътиборни кучайтириш таклифи билдирилди.
Президент ушбу таклифни амалга оширишда олти ойлик ёки бир йиллик мақсадларни аниқлаб олиш, шаҳар ҳокимлигида ситуацион, таҳлилий марказ ташкил қилиш ва дастурий маҳсулот яратиш зарурлигини айтди.
Шунингдек, маҳаллабай ишлаш осон эмаслигини ва бу ишни жамотчилик билан маслаҳатлашиб амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Ундан ташқари, Индекс лойиҳасини мутахассислар билан муҳокама қилиш ва сектор раҳбарларига ҳам уни ўргатиш бўйича тавсиялар берилди.
Маълумки, дунёда Инсон тараққиёти индекси бор. У аҳолининг ҳаёт сифати, саводхонлик даражаси ва умри давомийлигини қиёсий баҳолайдиган кўрсаткичдир. Бу Ўзбекистон президенти таклиф қилган “инсон қадрини улуғлаш” ғояси билан ҳамоҳанг, дейилади хабарда.