ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Давлат хавфсизлик хизмати Самарқандда фуқароларни АҚШга ноқонуний юборилиши билан боғлиқ ҳолатга чек қўйди.
Маълум қилинишича, Самарқанд туманида яшовчи 32 ёшли шахс 3 фуқарони "Ўзбекистон-Россия-Туркия-БАА-Буюк Британия-Мексика-АҚШ" йўналиши орқали Қўшма Штатларга юборишга ваъда берган. Бунинг учун уларнинг ҳар биридан 20 минг доллар талаб қилган.
Тезкор тадбирда у жами 60 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, фуқароларга йўлга чиқишдан аввал уларнинг ҳар бири ПЗР тест маълумотномасига ва ҳисобида 5 минг доллар бўлган VISA картага эга бўлиши кераклиги тушунтирилган.
Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унинг хорижий давлатлардаги жиноий алоқаларига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.