Коронавирусга қарши эмланганлар орасида “Малибу” ва қимматбаҳо совғалар ўйналади

15 январдан бошлаб вакцина олган ўзбекистонликлар автоматик равишда ютуқли ўйин иштирокчисига айланишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. 15 январдан бошлаб 5 ой давомида Ўзбекистон бўйлаб коронавирусга қарши эмланган фуқаролар ўртасида “Вакцина - тўғри танлов” ютуқли ўйинлари ташкил қилинади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ўйинлар доирасида ҳар ҳафта 35 та велосипед, 25 та телевизор, 25 та смартфон ва 25 та планшет ўйналади.
Маълум қилинишича, ютуқли ўйинлар ҳар ҳафта 20:30 да Zo'rTV каналида эфирга узатилади. Ҳар ойнинг сўнгги шанба кунида эса супер-ютуқ — “Малибу” автомобили ўйналади.
Ўтган шанба куни Zo'rTV каналида илк ғолиб аниқланган. Фарғонанинг Фурқат туманидан Эсоналиев Баҳодиржон Халилжон ўғли "Малибу" ютиб олган. У Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходими.
Эслатма

15 январдан бошлаб вакцина олган барча фуқаролар автоматик равишда ютуқли ўйин иштирокчисига айланишади. Қўшимча равишда бирор жойдан рўйхатдан ўтиш шарт эмас. Вакцина турининг фарқи йўқ, исталганини олса ҳисоб. Нечанчи дозалигининг ҳам фарқи йўқ.