ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Янги Зеландия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бекор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Янги Зеландия жамоасининг 12 футболчисида ўйинолди текширувда коронавирус аниқланган. Рақиб жамоа вакиллари бундай ҳолатда ўйнай олмасликлари, мураббий эса таркиб шакллантириш учун етарлича футболчиларга эга эмаслигини айтган.
“Ўз навбатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ҳам футболчилар саломатлиги устувор ҳисобланади. Натижада томонлар бугунги ўйинни қолдиришга қарор қилишди”, - дейилган хабарда.
ФИФА кунларида доирасидаги Ўзбекистон - Янги Зеландия ўртоқлик учрашуви 1 февраль куни Дубайда бўлиб ўтиши керак эди.