ТОШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Age Tashkent лойиҳасини ишга туширди. Унда танланган вақт оралиғини ёки аниқ йилни қўллаган ҳолда Тошкентдаги биноларнинг ёшини аниқлаш имконияти мавжуд. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қурилмалар ёшини визуаллаштириш лойиҳасини Нидерландияда ишлаб чиқилган, сўнгра Европа ва Россияда кенг тарқалган Building Age Maps челленжи илҳомлантирган. Ўзбекистон бундай интерактив харита пайдо бўлган Марказий Осиёдаги илк мамлакат.
“Лойиҳа Тошкентнинг бой тарихи, унинг меъморий ва археологик меросини шахсан кўриб, ҳақиқий баҳо бериш имкониятини беради”, - дейилган хабарда.
Лойиҳадан фойдаланиш йўриқномаси: харитада қизиқтирган бинони топиш керак, унга босиб ва керакли маълумотларга эга бўлиш мумкин.
Биноларнинг ранги ҳам тасодифан танланган эмас. Қадимроқ бинолар тўкилувчи материаллар – улар қурилишида қўлланилган сомон ва лой рангида акс эттирилган. Собиқ СССР даврини оловранг ва қизил ранг акс эттирса, 1966 йилдаги ер қимирлашидан кейин пайдо бўлган метро кўк рангда намоён бўлади. Мустақиллик йилларига оч ҳаворанг белги бўлса, янги Ўзбекистон даври яшил рангда бўялган.
Бинонинг ёши ёки бошқа маълумотларидаги хатолик ҳақида хабар бериш мумкин. Харитада “сирли хона" ҳам бор. У Тошкентнинг чегараларини йилидан келиб чиқиб, кўрсатиб бера олади. Унда барча туманлар, шаҳар атрофидаги қалъа девори, 12 та дарвоза, шунингдек, маданий мерос объектларининг археологик ҳамда кўчаларнинг замонавий номлари кўрсатилган.