Самарқанд – Екатеринбург йўналиши бўйича учган самолётда техник носозлик юзага келди

Самарқанд – Екатеринбург йўналиши бўйича учган самолётда носозлик юзага келди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Самарқанд – Екатеринбург йўналиши бўйича учган самолётда носозлик юзага келди.
Транспорт вазирлиги маълум қилишича, 28 январь куни “Уральские авиалинии” авиакомпаниясининг А320 VQ BNI ҳаво кемаси Самарқанд – Екатеринбург йўналиши бўйича SVR 2862 рейсини амалга оширган. Тошкент вақти билан 07:41 да самолёт Самарқанд аэропортидан муваффақиятли учди.
Парвоз давомида Москва вақти билан соат 10:01 да экипаж командири самолётда техник носозлик юз берганлиги ҳақида ҳаво ҳаракатини бошқариш диспетчерига авария сигналини берган. Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт кабинаси герметизациясида носозлик юзага келди.
Кольцово аэропортининг фавқулодда хизматлари самолётни қабул қилиш учун шай ҳолатга келтирилган. Бортида 159 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган самолёт Тошкент вақти билан соат 10:28 да Кольцово аэропортига муваффақиятли қўнди.
Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ.
Ҳодиса бўйича Свердловск транспорт прокуратураси томонидан парвозлар хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.