ТОШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Пекин Олимпиадаси очилиш маросимида иштирок этади.
“Ҳафта якунида давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Пекин шаҳридаги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Хитойда бўлади”, - деб ёзган президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Хитой раҳбари 4-6 февраль кунлари Пекинда хорижий давлатлар етакчилари, ҳукумат раҳбарлари, қироллик оилалари аъзолари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари шарафига қабул маросими ўтказади.
Меҳмонлар орасида - Россия, Сингапур, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Миср, Польша, Аргентина раҳбарлари, Камбоджа қироли, Қатар амири, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, бошқа қатор давлатлар етакчилари, Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус.
Эслатиб ўтамиз, XXIV қишки Олимпия ўйинлари Пекинда 2022 йилнинг 4-20 февраль кунлари бўлиб ўтади.