ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, биринчи президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлган биринчи кундан Ислом Каримовнинг эзгу ишлари давом эттирилишини айтган эди, унинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қарорлар қабул қилди, мақбараси барпо этилди. Биринчи президент Ислом Каримов таваллуд топган 30 январь кунини нишонлаш анъанага айланди.
Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди. Ислом Каримовнинг халқ манфаати йўлида қилган ишлари, мардлик, одиллик, камтаринлик ҳислатлари ёдга олинди.
Маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент администрацияси ва ҳукумат вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, зиёлилар, шаҳар жамоатчилиги иштирок этди.
Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.