ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, шу жумладан, Шавкат Мирзиёев ҳам Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар қилмоқда.
Хабарда ёзилишича, Хитой раиси Си Цзиньпин таклифига биноан, 4 февраль куни қишки Олимпиада очилиш маросимида хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этади.
"Синхуа" ахборот агентлиги маълумотига кўра, Хитой раҳбари 4—6 февраль кунлари Пекинда хорижий давлатлар етакчилари, ҳукумат раҳбарлари, қироллик оилалари аъзолари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари шарафига қабул маросими ўтказади.
Меҳмонлар орасида Россия, Сингапур, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Миср, Польша, Аргентина раҳбарлари, Камбоджа қироли, Қатар амири, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, бошқа қатор давлатлар етакчилари, Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус бор.
Эслатиб ўтамиз, XXIV қишки Олимпия ўйинлари Пекинда 2022 йилнинг 4-20 февраль кунлари бўлиб ўтади. Олимпиада Ўзбекистон шарафини 24 ёшли тоғ чанғичи Комилжон Тўхтаев ҳимоя қилади.