ТОШКЕНТ, 29 янв – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон мактабларининг бугунги ҳолати танқид қилиниб уларнинг ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Таълим ислоҳотига доир
ўқитиш методикаси, дарсликлар, партадан тортиб, биносигача тўлиқ қайта кўриб чиқилади;
муаллимларга муносиб шароитлар яратилади, бир вақтнинг ўзида уларнинг билим ва малакаси, дарс ўтишига талаб ҳам тубдан кучайтирилади;
янги қурилаётган ва таъмирланаётган мактаблар ҳам ўқувчилар, ҳам педагоглар учун қулай ва мослашувчан бўлиши керак. "Янги қурилаётган мактабларда қуёш панели ва иссиқ сув коллектори албатта бўлиши шарт" – президент;
мактабдан доимо “зиё нури” доимо таралиб туриши керак. "Мактабларнинг дарс тугаши билан ёпилиши - бу мутлақо нотўғри. Кутубхона, спорт зал, компьютер хоналари, тадбирлар зали доимий ишлаши, уларда ҳар куни мусобақа, концерт, китобхонлик, мушоира, “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинлар ўтказилиши керак", деди давлат раҳбари;
Шунингдек, ҳар бир мактабда бахшичилик, мақом, эстрада, театр, рассомчилик йўналишларида тўгараклар ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этилиши белгиланди. Мактабни битирган бола камида битта касб билан бирга битта миллий чолғу асбобини чалишни билиши шарт;
республикадаги 274 спорт мактабларининг ҳар бирига биттадан мактаб бириктирилиб, уларнинг ҳудудида камида битта олимпия спорт тури бўйича тўгарак ташкил этилади;
Йиғилишда барча мактабларда ватанпарварлик дарсларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. "Мактаблардаги таълим ва тарбия миллий руҳ ва ватанпарварлик ғоялари билан уйғун бўлиши зарур" - президент.
Ташкилий масалалар
Мактаблар қурилиши ва таъмирланиши билан бундан буён вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари шуғулланади. Бугундан бошлаб Халқ таълим вазирлигининг қурилишга буюртмачи бўлиш ваколати тугатилади.
"Барча даражадаги ҳокимлар бир нарсани чуқур англаб етиши керак - бугундан “ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги” бошланади", деди Президент.
Туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилади. "Республика кенгашига шахсан ўзим раҳбарлик қиламан. Туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади.
Шунингдек, юқори малакали, доим ўз устида ишлайдиган “халқ ўқитувчилари”ни кенг қўллаб-қувватлаш учун Халқ таълими вазирининг жамғармаси ташкил этилади ва унга дастлаб бюджетдан 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.