ТОШКЕНТ, янв- Sputnik, Марина Чернышова-Мельник Sputnik Тинчлик ва тирикликнинг қадрини яна бир бор эслатиш мақсадида ўзбекистонлик таниқли археолог ва педагог Маргарита Филанович билан бўлган уч йил аввалги интервьюни эълон қилади.
Онгли ҳаёт қамалдан бошланган эди
Маргарита Филанович 1937 йилда туғилган ва умрининг дастлабки йилларини Петроград томонлардаги эски уйда ўтказган.
“Биз биринчи қаватда яшар эдик, уйнинг тагида ертўла бор эди. Қамал пайтида ертўлага бомбаларни жойлаштиришди. Яқин атрофда мактаб бор эди, у ярадорлар учун госпиталга айлантирилди. Ертўла дерзаларидан ўша мактаб кўриниб турарди. Деворда катта чуқур ўйишди, радиотарелка орқали хавотирли сигнал эшитилиши биланоқ, одамлар портлашлардан яшириниш учун госпиталдан бизнинг ертўламиз томон қочиб келишарди”, - дея эслайди Маргарита Ивановна.
Шаҳарнинг бу қисмида уйлар бир-бирига зич қурилган эди. Кўп бинолар бомбалардан вайрон бўлди ва уруш пайтида гўзал бинолар ўрнида харобалар пайдо бўлди. Филановичлар оиласи бир куни ҳалок бўлишига бир баҳя қолган: уйга қарама-қарши жойлашган бинога бомба тушган ва унинг зарбидан оила яшайдиган уйнинг ойналари ҳам чил-чил синган. Портлаш зарби Қизалоқ ва унинг бувисини хонадан даҳлизга улоқтириб юборган. Улар яшаган уй биноси ҳам ҳалоскор ертўласи билан урушга туриб берди. Йиллар ўтиб Маргарита Ивановна бир неча бор уйини кўргани келди.
Жажжигина Рита немис аскарини биринчи марта 1941 йилнинг ёз ойида кўрган. Қўшинлар эндигина Москва ва Ленинград томон ҳаракатланаётган, аҳоли эса яқинлашиб келаётган блокада ҳақида ноаниқ маълумотларга эга эди. Болаларни иложи борича атрофдаги қишлоқларга олиб бориб қўйишга ҳаракат қилишган. Маргаританинг онаси ҳам қизи, дугонаси ва унинг болаларини қўшни қишлоққа олиб бориб қўймоқчи бўлди. Снаряд олиб кетаётган автобусга чиқиш учун ҳайдовчига тилла соатни беришга мажбур бўлишди. Ёши катта аёллар тарбиячи ўрнида жўнатиларди.
"Ўша кунни худди бугунгидек эслайман. Қуёш чарақлаб турарди, атроф ям-яшил яйловлар. Биз деразадан бу гўзалликни томоша қилиб ҳайратланардик. Қандай хотиржамлик! Тўсатдан свастикали самолёт биз томон учиб келди. У тўғри тепамизда туриб маневр қилди. Мен темир қалпоқ кийган ва бизга табассум қилиб турган учувчини кўрдим. У ўқ узди. Ҳаммамиз югуриб чиқдик ва ерга ётдик. Ойим мени тўсиб турар ва қимирламасликни тайинларди. Ойимнинг дугонаси эса ваҳима ичида болалари билан дала бўйлаб югура бошлади, менимча, у бирор жойга яширинаман деб ўйлаган. Самолет яна бир неча марта 2-3 метр баландликда тепамиздан учиб ўтди. Кейин ойим дугонасига болалари билан ўзини ўлгандек кўрсатишга тайинлади. У ойимнинг айтганини қилди. Тез орада душман учиб кетди. Учувчининг завқ билан ҳимоясиз одамларга ўқ узиши даҳшатли эди. У ҳайдовчига тегмаганди - чунки тирик одамни нишонга олишни хоҳлаган эди. Мен кейинчалик бу немисни тез-тез эслардим ва ўйлардим: нега? Аҳир унинг ҳам ватанида онаси, балки синглиси, хотини, болалари қолгандир... Наҳотки, бизнинг кичкинагина оиламиз ўлими (у ўйлагандек) унга яхлишик олиб келган бўлса?”, - дейди Маргарита Ивановна.
1941 йил 8 сентябрда бошланган қамал арафасида унинг онасини завод ходимлари билан бирга Сибирга эвакуация қилишди, қизчанинг отаси эса июнь ойида фронтга кетган эди. У Ленинградда бувиси, бобоси ва катта бувиси билан қолди. Унинг эслашича, ҳар бир одамга оғирлиги 120 грамм бўлган бир бўлак нон берилган. Ҳолсиз, мадорсиз одамлар эса қаҳратон совуқда овқат учун навбатга туришар ва ҳеч ким қийналиб кутган овқатни олиб кетмаслиги учун қўлларини тарози устида ушлаб туришарди. Бир куни қизалоқ бир хунук воқеанинг гувоҳи бўлди: бир йигит бировнинг нонини олиб қочиб кетди, унга етиб олиб дўппослашди. Қишда сувни Невадаги муз тешикларидан олишарди. Қаҳратон совуқ эди, кўчалар ўликларга тўла. Одамлар кўпроқ озиқ-овқат олиш учун бозорга қимматбаҳо тақинчоқларини, буюмларини ва охирги кийимларини олиб келишарди.
Қизалоқни болалар боғчасига беришди. Боғчада ҳаммага шўрва ва нон бериларди, яна ширин конфетлар ҳам. Рита доимо ўз яқинларини боқиш учун овқатининг бир қисмини уйга олиб келишга ҳаракат қиларди.
“Нонни курткамнинг чўнтагига яшириб, кун бўйи ўзимни уни ейиш истагидан тийиб турардим. Озгина тишлардим, тишламим тўпга айланарди. Бир бола менинг манипуляцияларимни пайқаб, нонни олиб кетмоқчи бўлди. У менинг олдимга келди. Мен овқатимни қўлимни мушт қилиб ушлаб турардим. У кўлимни кўйиб юборишим учун бармоқларимни шиша бўлаги билан кеса бошлади. Қон кетди. Аммо мен нонни сақлаб қолдим, уйга олиб келдим” - дея хотирлайди қаҳрамонимиз.
Ҳозир Маргарита Ивановна нафақат урушда ҳалок бўлганлар, балки ундан тирик қолганлар учун ҳам ҳайкаллар ўрнатилиши керак, дейди. Ўша даҳшатли шароитда яшаб қолиш учун ирода керак эди. Таслим бўлиш ва ўлиш осонроқ эди; ўлим кўпчилик учун нажот эди. Шунинг учун азоб-уқубатларга чидаган ва яшашни ўрганганлар шарафига ҳайкал қўйиш керак.
Аммо Маргарита Ивановнанинг оиласида эртанги ёруғ кунларга ишончни сақлаб қолишди.
“Бобом ва бувим дастлаб немислар Ленинградни ололмайди, деб ишонишарди. Кўп ишлашарди, уй бинолари томларидан самолетлар улоқтирган зажигалкаларни териб олишарди. Кўп биноларни вақтида ёнғинни ўчириб сақлаб қолишди. 1942 йилнинг баҳори жуда бахтли эди. Узоқ танаффусдан сўнг кўчалар бўйлаб трамвай юришни бошлаганди ўша вақтда”, - дейди қаҳрамонимиз.
Аммо қаҳрамонимиз 1944 йил блокада доираси ўпирилишини кўрмади.
Чексиз ватан йўллари бўйлаб
Филановичлар оиласи 1942 йил ёзида Ладога кўли орқали қайиқда эвакуация қилинди. Кўплаб кемалар чўкиб кетган. Аммо Маргарита, унинг бобоси ва бувиси тирик қолишди. Ладога кўлини кесиб ўтиб, улар Ританинг онаси яшаган Сибирга йўл олишди. Улар теплушкаларда - сигирлар ташиладиган вагонларда йўлга чиқишганди.
Кўплаб автобуслар ва араваларда юришди, ўрмонларнинг бир қисмини пиёда босиб ўтишди. Йўлда одамлар овқатланадиган ва дам олишга рухсат берилган исиниш пунктларига киришди. Новосибирскка етиб боришганида қизалоқ онасини кўрди. Очликдан ҳолдан тойган оила тўйиб-тўйиб овқатланди. Шундан сўнг қизнинг бобоси ва бувиси касалхонага тушиб қолди.
“Доимий очликдан кейин дарҳол кўп овқат ейиш мумкин эмас. Организм овқатга кўникиши учун озгинадан ейиш керак. Мен-ку кичкина эдим ва боғчага борганим сабаб кўпроқ овқатланардим. Бобом ва бувим эса очликдан ҳолдан тойган, шундан кўп овқат еб юборишганди. Уларни зўрға қутқариб қолишди”,- хотирлайди Маргарита Ивановна.
Маргарита оиласи билан бир ярим йил Сибирда яшади. У ҳамон Сибирни илиқ хотиралар билан эслайди: қишда қор, ёзда гулзорлар, йилнинг ҳар фаслида ажойиб бўлган тайга. Маргарита Ивановна ҳали ҳам Сибирнинг табиати у кўрган барча жойлардан энг гўзали эканлигига қаттиқ ишонади.
1944 йил бошида оила Белоруссияга кетди: Маргаританинг муҳандис бўлган бобосини Гомелдаги мато фабрикасини қайта тиклаш учун юборишди. Бобосининг қўл остида немис аскарлари ҳам бўлган. Маргарита Ивановна уларнинг: “Биз аскарлармиз, шунчаки буйруқни баражарганмиз, жанг қилишни хоҳламаганмиз” деганларини тез-тез эслайди. Ританинг бувиси, инқилобгача бўлган даврда жуда яхши таълим олган, бешта тилда, хусусан немис тилида ҳам бемалол сўзлаша олган. У асирдаги немис аскарлари билан кўп суҳбатлашган. Гомелда Маргарита мактабга борди, онаси эса кутубхонага ишга кирди. Филановичлар оиласи Ғалабани Беларусда нишонлади.
Урушдан кейинги тинчлик даврларини оила Беларусда ўтказди, 1948 йилда эса Тошкентга келишди. Улар даставвал Новосибирскка қайтишни режалаштирган. Маргаританинг онаси уруш вақтида шу ерлик бир инсонни учратган ва унга кўнгил қўйган эди. Аёл турмуш ўртоғи билан вокзалга билет олиш учун боради ва бирдан ўша ернинг ўзида фикрини ўзгартиради: улар Ўзбекистонга, серқуёш ва меваларга бой мамлакатга кўчишга қарор қилишади.
“Ўзбекистонда бизнинг на дўстларимиз, нақариндошларимиз, умуман ҳеч кимимиз йўқ эди. Оиламиздан ҳеч ким у ерда бўлмаган эди. Бу онамнинг шунчаки бир лаҳзалик нияти эди холос. Онам билетлар билан қайтди ва ҳаммизнинг тақдиримизни ҳал қиладиган қарор қилди”, дея хотирлайди қаҳрамонимиз.
Аввал Тошкентга Маргаританинг онаси турмуш ўртоғи билан вазиятни билиш учун келишди. Иш топишди, шаҳарга ўрганишди. Бир йилдан сўнг бутун оила уларга қўшилди. Маргаританинг отаси фронтда ҳалок бўлган, энди уларни Ленинградда ҳеч ким кутмас эди.
Ўзбекистон- иккинчи ватан
Ўзбекистонда урушдан сўнг СССР нинг турли мамлакатларидан келган одамлар яшарди. Шунингдек, қамалга олинган шаҳарлардан ҳам эвакуация қилинган одамлар бор эди. Заводлар ва бошқа саноат объектлари қайта тикланмади, шу сабаб фронтда оиласини йўқотганлар янги шаҳарда қолиб ишлай бошлади. Мамлакатда барча рус тилини билар эди. Шу сабабли янги ҳаёт бошлаш қийин бўлмади. Асосийси Филанович оиласининг барча аъзоси шу ерда эди.
Ёш Маргарита ўрта мактабни тамомлади. 1954 йили Ўрта Осиё давлат университетининг тарих факультетига ўқишга кирди. У ерда минтақада ягона бўлган археология кафедраси фаолият юритган. Кафедрага афсонавий ўзбек археологи Михаил Массон раҳбарлик қилган. Айнан шу инсон Маргаританинг илмий раҳбари бўлди.
“Мен учун Ўрта Осиё минтақасининг тарихи, қадимий ери, ёдгорликлари, хуллас барчаси қизиқарли эди. Ўлка жудаям бой, лойдан қанчадан-қанча бинолар ва нарсалар ясалган. Икки минг йил аввал тоғли Ўзбекистон ҳудудида Бақтрия-Марғион цивилизацияси бўлган. Мен археологияни дастлаб илмий нуқтаи назардан ўргандим, кейин далаларда ишладим, диссертация ҳимоя қилдим, дарс бердим”, дейди Маргарита Ивановна.
1960 йиллардан бошлаб Филанович кўплаб илмий экспедицияларда қатнаша бошлади. У қадимий шаҳар бўлган Марв ва қўшни ҳудудлар тарихини ўрганди. Бу ҳудудларда ҳозирги Тошкент (Канка, Афросиёб) жойлашган. Маргарита Ивановна кейинчалик илмий экспедицияларга раҳбарлик қилди. Экспедиция даврида олимлар кўп қадимий ёдгорликлар, предметлар, идиш товоқлар ва тақинчоқлар топди.
1966 йили Тошкентда кучли зилзила бўлиб ўтган вақт Маргарита Ивановна ва унинг ҳамкасблари зудлик билан қазишма ишларини олиб борди, ўтмишнинг кўплаб ёдгорликларини сақлаб қолишди. Кейинчалик шаҳардаги янги биноларнинг археологик мониторинги ўтказилди, у ерда олимлар кўплаб қимматбаҳо предметларни топишди. Қаҳрамонимиз тадқиқот жараёнида Ўзбекистон пойтахти ҳамма ўйлагандан ҳам икки асрга қадимий эканлигини исботловчи далил топди. 2009 йилда у Парижда илмий делегацияга бошчилик қилди, ЮНEСКО конференциясида Тошкент тарихи бўйича батафсил маъруза ва тақдимот билан чиқди. Олимларнинг топилмалари расман эътироф этилиб, кўп ўтмай давлат раҳбарининг фармонига асосан пойтахтнинг 2200 йиллиги муносабати билан байрам тантаналари ўтказилди.
“Ленинград- менинг туғилган ерим. Тошкент эса иккинчи ватаним. Мен бу шаҳарни, одамларини, ҳавосини яхши кўраман. Ўзбекистон мени қабул қилди ва ҳаётимнинг асосий даврини шу ерда бахтли ўтказяпман”, дейди у.
Умрининг кўп йилини қаҳрамонимиз илм-фанга бағишлади. Конференцияларда иштирок этди, турли олий таълим муассасаларида маърузалар қилди, мақола ва монографиялар эълон қилди, муаллифлик теле- ва радиодастурларини олиб борди, шунингдек, тарихий фильмларда маслаҳатчилик қилди.
Худди қамал пайтидек совуқ
Филановичнинг она шаҳри Ленинградга ташрифи ҳаётининг энг аҳамиятли воқеаларидан бири бўлди. 1959 йил ёз фаслида, университетни тамомлагандан сўнг, Маргарита Ивановна онаси билан Ленинградга биринчи бор меҳмон бўлиб келди.
"Москва вокзали биносидан чиқдик, ошхонага кирдик, шўрва сотиб олдик, шўрвани кўриб онам иккаламиз йиғлаб юбордик. Кейин шаҳарни айланиб чиқдик, сайр қилган хиёбонларимизни ва, албатта, Петроградскийдаги уйимизни эсладик. Кейинчалик онам зилзила воқеаларини унутиш учун бу ерга 1966 йилда ҳам келган. Аммо ҳаммаси ўз изига тушгандан сўнг у Ўзбекистонга қайтди. Барибир энди Тошкент асосий уйимиз эди. Мен Ленинградга яна бир неча бор келдим, бу ерда кўп сайр қилганман. Тўғри, фақат иссиқ бўлган вақти келаман. Ҳозир эса қишда биринчи марта келишим. Охирги марта бу ерда блокада пайтида шундай совуқ бўлганини эслайман”, - дейди қаҳрамонимиз.
Маргарита Ивановна бизга Тошкентда яшайдиган, қамалдан чиққан бошқа ленинградликлар ҳақида сўзлаб берди.
“Улар тўшакка ётиб қолган, узоқ жойга боролмайди. Улар билан Россия фан ва маданият маркази алоқа қилиб туради. Ташкилот 9 Май кунлари умумий учрашувлар ташкиллаштиради. Барча постсовет мамлакатларида шундай маданият марказлари бор. Умуман Ўзбекистонда уруш қатнашчилари учун жуда кўплаб хайрли ишлар қилишади: имтиёзлар, байрам кунларида пул мукофотлари, ҳар ой озиқ-овқат, октябрь ойида, қиш фасли арафасида кийим-кечак беришади”, дейди Маргарита Ивановна.
Маргарита хоним ҳамон ишлайди. У ҳозирда Фанлар Академия Археология Институти ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети қошидаги Тарих институтида талабаларга сабоқ беради. Олима қаҳрамонимиз ҳамон тадқиқотлар олиб боради, мақолалар ёзади, илмий тадбирларда иштирок этади. Ўзбекистонга қайтганидан сўнг у бироз дам олади, кейинги куни эса талабаларга маъруза ўтиш учун ишга боради.