Солиқ кодексининг 75-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида қонун тайёрланди

Айрим солиқлардан тўлиқ озод қилинган солиқ тўловчилар солиқларни ҳисобланган сумманинг 1 % миқдорида тўлайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Молия вазирлиги “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 75-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаб, умумий муҳокамага қўйди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Солиқ кодексининг 75-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи моддалардан иборат.
Хусусан, 2022 йил 1 июлдан бошлаб ушбу кодекснинг 483-моддасига, Ўзбекистон президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича берилган тўлиқ озод қилиш кўринишидаги солиқ имтиёзларига эга бўлган солиқ тўловчиларга, кўрсатилган солиқларни ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг бир фоиз миқдорида тўлашини назарда тутувчи тартиб киритилмоқда.
Кутилаётган натижа - юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек Кадастр органларида уларнинг тўлиқ ҳисобини юритишни таъминлаш ҳисобланади.