ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Президент келгуси фаолиятда иқтисодиёт тармоқларини комплекс ва жадал ривожлантириш орқали замонавий иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартиришга энг асосий эътибор қаратиш шарт эканини таъкидлади.
Йиғилишда шу юзасидан барча иқтисодий комплекс раҳбарлари ва ҳокимлар олдига қуйидаги вазифалар қўйилди:
ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард доллардан ошириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 бараварга кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 бараварга қисқартириш;
жорий йилда инфляция даражасини 9 фоиздан оширмаслик;
жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 10 триллион сўм кредитларни “маҳаллабай” кафолатли етиб боришини таъминлаш;
бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик;
деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш.
яқин беш йилда иқтисодиётга 120 миллиард доллар, шу жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 миллиард доллардан ошириш.
Маълум қилинишича, Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун 100 та мақсад” белгилаб олинган.
Ушбу мақсадларга эришиш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
"Барча саъй-ҳаракатларимиз, ажратилаётган маблағлар маҳалла ва хонадонларгача аниқ етиб бориши ва ҳар бир оила фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шарт. Бунинг учун республика, вилоят, туман ва шаҳар ҳамда маҳалла даражасидаги барча раҳбарлар бор куч ва ресурсларини тўлиқ сафарбар қилишлари зарур”, - деди президент.