ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Бугун, 26 январдан, Ўзбекистонда газ тўлдириш шохобчалари фаолиятига чекловлар ўрнатилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот котиби Элмира Бекмуродова АОКАдаги брифингда маълум қилди.
Таъкидланишича, бугун соат 09:30 ҳолатига кўра, республикада электр энергияси таъминоти 70% га тикланган. Электр тизимидаги носозликлар сабабли газ ишлаб чиқариш ҳажми камайди.
Истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида, ишлаб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ҳажмда иссиқлик электр станциялари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли истеъмолчиларига йўналтирилади.
“Шу муносабат билан, бугундан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилади. Шу билан биргаликда, бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади”, - деди у.