Тошкентда ходимларга уйга вақтлироқ жавоб бериш тавсия қилинди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимларга уйга вақтлироқ жавоб беришни тавсия қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Барча ташкилотлардан ходимларига навбати билан уйга жавоб беришлари сўралди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги барча корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарларига мурожаат билан чиқди.
Таъкидланишича, электр таъминотидаги узилишлар натижасида Тошкент метрополитени ўз фаолиятини қисқа муддатга тўхтатди, шунингдек, шаҳар кўчаларидаги светофорлар ишида носозликлар кузатилмоқда.
Катта тирбандликнинг олдини олиш мақсадида ходимларга 15:30 дан кейин жадвал асосида вақтлироқ жавоб бериш тавсия қилинди.
"Ҳозирда юқоридаги носозликларни бартараф этишга барча кучлар сафарбар этилган. Пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги Вазиятлар марказида туну-кун ишлайдиган махсус тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилди", - дейилган баёнотда.