ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар, Фарғона, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида электр энергияси таъминоти қисман тикланди.
Ҳозир республика ҳудудларида электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Марказий Осиёдаги блэкаут
25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида электр энергияси таъминоти узилди. Энергетика вазирлиги Қозоғистон электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олмаота, Чимкент, Тарас, Туркистон ва атроф ҳудудларида электр энергияси таъминотида ўчишлар юзага келганини маълум қилди. Ҳозир электр станциялар босқичма-босқич ишга туширилиб, ҳудудларда электр таъминоти тикланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилган.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов электр энергияси билан боғлиқ вазият президент назоратида эканлигини маълум қилди.