Ўзбекистонни 2040 йилда сув танқислиги кутяптими - мутахассислар фикри

Экологларнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатларида, хусусан Ўзбекистонда сув танқислиги билан бўлган вазият йилдан йилга жиддийлашиб бормоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, янв – Sputnik. Тошкентда Марказий Осиё мамлакатларининг сув билан боғлиқ муаммолари муҳокама қилинди: 18 январь куни Ўзбекистон пойтахтида “Россия ва Марказий Осиё сув ресурсларидан самарали фойдаланиш муаммолари ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида сиёсатчилар, ўзбекистонлик эколог ва олимлар, шунингдек, Россия экология жамиятининг минтақавий бўлими вакиллари иштирок этишди.
Мутахассисларнинг хулоса қилишича, Марказий Осиё мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам сув танқислиги бўйича вазият ёмонлашади. Қандай қилиб бунга йўл қўймаслик мумкин? Мутахассислар бу борада Sputnik мухбирининг саволларига жавоб беришди.
Фожеа миқёси
Давра суҳбатида иштирокчиларига кўра, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда сув танқислиги муаммоси йилдан йилга жиддийлашиб бормоқда.
“Сувни тежамкорлик билан ишлатиш ҳақида жамоавий тушунчани шакллантириш керак. Иқтисодий ва сиёсий патологияга олиб келадиган экологик вирусни қўзғатмаслик учун”,– дейди Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов.
Бир неча йил аввал Алихонов анчайин жиддий маълумотни эълон қилган эди: 2040 йилларга бориб, Амударё ва Сирдарё оқимининг қисқариши билан Ўзбекистонда сув ресурслари тақчиллиги 33 %га етиши мумкин.
Шу билан бирга Жаҳон банки прогнозларига кўра, Марказий Осиёда тоза ичимлик сувининг етишмаслиги ЯИМни 11 % га пасайиб кетишига сабаб бўлади. Минтақада 80-90% сув ресурслари қишлоқ хўжалигида ишлатилмоқда. суғориладиган ерларнинг минтақа бўйича умумий майдони 7 695 млн га, Ўзбекистонда эса 4,2 млн га ни ташкил этади.
Стратегик муҳим ресурс танқислиги қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига хавф, экспорт ҳажмининг қисқариши, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган аҳолининг турмуш сифати ёмонлашиши дегани.
Муаммонинг қандай ечимлари бор? Sputnik мухбири давра суҳбатининг асосий тезисларини тўплаб, ўзбекистонлик ва россиялик мутахассисларга мурожаат қилди.
Чет эл тажрибаси
Сув танқислиги муаммоси Марказий Осиёнинг барча республикаларида аҳоли сонининг кўпайиши, иқлим ўзгариши, сувни тежашга тизимли ёндашишнинг йўқлиги билан мураккаблашмоқда.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос, “Ma’no” тадқиқот маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда зудлик билан сувни тежовчи технологияларни жорий этиш зарур.

“Жумладан, бу томчилатиб суғориш тизимлари. Тизим ўрнатилмоқда, лекин унинг қамровини янада кенгайтириш зарур. Фермерларни томчилатиб суғоришни жорий этишга рағбатлантириш тизимини яратиш, шунингдек, сув тарифларини оширишимиз керак”, - дейди “Ma’no” тадқиқот маркази директори Бахтиёр Эргашев.

Сиёсатшуноснинг фикрича, сувни тежовчи технологиларни жорий қилишда Ўзбекистонга, хусусан бошқа республикаларга ҳам Россия тажрибаси фойдали бўлиши мумкин.
Шунингдек, мутахассис минтақанинг барча мамлакатлари учун сув масалалари бўйича ягона орган ташкил қилиш кераклиги ҳақида тўхталди.
“Анчадан бери Марказий Осиёда сув-энергетик консорциумини яратиш масалалари турибди. Бунда Россиянинг, яъни мутахассислар, технологиялар ва консультациялар масалаларида қўллаб-қувватлаши керак бўлади”, - дейди Эргашев.
Ташқи ҳакам
Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари сув масалалари бўйича ягона орган ташкил қилиши мумкин. Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар институти директори, иқтисодиёт фанлари доктори Алексей Зубецнинг фикрича, Россия бу ишларда кўмак бериши мумкин.

“Россия бу масалада ҳакам бўлиши ва минтақанинг барча республикаларига мақбул ечимларни таклиф қилиши мумкин, шунингдек, у ёки бу келишувларнинг амалга оширилишини кузатиб бориши мумкин”, - дейди Алексей Зубец.

Унинг фикрича, Россия бу лойиҳада “миллий худбинлик” келиб чиқмаслиги учун нейтрал томон бўлиб иштирок этиши мумкин. Ахир муаммолар муҳокамасида ҳар бир мамлакат биринчи навбатда ўз миллий манфаатлари ҳақида ўйлайди.
“Бундай орган МДҲ ёки ЕОИИ доирасида, ШҲТ эҳтимолий исштирокида ташкил этилиши мумкин”, - дейди мутахассис.
Сув ва энергетика
Модомики, сув муаммоси энергетик комплекс билан чамбарчас боғлиқ экан, минтақанинг ҳар бир мамлакатида янги энергетика объектларини қуриш ниҳоятда зарур. Сиёсий фанлари доктори, “Марказий Евроосиё” таҳлилий лойиҳаси раҳбари Владимир Парамонов шундай дея таъкидламоқда.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Марказий Осиё мамлакатларида ГEСлар қуриш лойиҳаларида иштироки масаласи айниқса минтақанинг гидроэнергетика салоҳияти юқори бўлган давлатлари учун долзарб.
“Россия муҳандислик-технология бўйича юқори салоҳиятга эга. У бундай лойиҳаларни молиялаштириши мумкин. Мамлакатда минтақа сув-энергетика масалалари бўйича Совет давридан буён салоҳияти шаклланган”, - дейди Парамонов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2021 йилда Евроосиё Тараққиёт Банкига кириш тўғрисида ариза берган. Аввалроқ банк раҳбари Николай Подгузовнинг таъқидлаб ўтганидек, ЕОТБ Ўзбекистонга сув масалаларини ҳал қилишда яхши кўмак бўла олади.
“77% сув оқими Тожикистон ва Қирғизистонда пайдо бўлади. Бироқ, 85% сув истеъмолчилари Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистондир. Ҳар бир мамлакат ўз энерготизимларини алоҳида ривожлантирмоқда, бу эса катта харажатлар, сув танқислиги муаммосининг чуқурлашиши дегани”,- дейди Николай Подгузов.
Унинг таъкидлашича, ЕОТБнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан қўшма лойиҳалари минтақани 40% сув билан таъминлашни кенгайтиради. Масалан, Ўзбекистон ва Тожикистон Россия инвестицион ресурслари ёрдамида энергетика алмашинувини тиклаши мумкин.
Алексей Зубец ҳам Россиянинг энергетика объектларига инвестиция киритишини анчайин даромадли деб ҳисоблайди.
“Гидротехник, энергетик объектлар қурилиши- бу нафақат тўланадиган, балки кейинчалик даромад келтирадиган инвестициядир”, - дейди Зубец.
Ўзбекистон ушбу ҳамкорлик форматидан оладиган яна бир ижобий жиҳати қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг ўсиши ва кейинчалик Россияга экспорт қилиниши бўлади, дейди Алексей Зубец.