Ёшларнинг хориждаги ноқонуний ҳужраларда диний таълим олишига кўмаклашган гуруҳ ушланди

Сурхондарё вилоятида қўлга олинган шахслар вояга етмаган мактаб ўқувчиларининг Миср Араб Республикасида ноқонуний ҳужраларда диний таълим олишларига кўмаклашган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. ДХХ ёшларни хориждаги ноқонуний ҳужраларда диний таълим олишига кўмаклашган гуруҳни қўлга олди.
2021 йил 22 декабрь куни Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали ақидапарастлик, экстремистик ҳамда террорчилик ғоялари тарғиботи билан шуғулланиб келган шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилди.
Сурхондарё вилояти Денов туманидан бўлган "У.Я.", "А.Я." ва уларнинг Тошкент шаҳридаги жиноий шериклари "Д.Т.", "У.Қ." маҳаллий ёшларнинг, шу жумладан, вояга етмаган мактаб ўқувчиларининг Миср Араб Республикасида ноқонуний ҳужраларда диний таълим олишларига кўмаклашиб, диний экстремистик оқим тарафдорларининг кўпайишини қўллаб-қувватлаб келган.
Ҳозирда бу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.