ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг буйруғи билан бир қатор тайинловлар амалга оширилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан нефть ва газ соҳасини ислоҳ қилиш, шунингдек трансформация жараёнларини тезлаштириш бўйича қарорлари ижросини таъминлаш, тизимнинг айрим бўғинларида етарли даражада ўзгаришлар бўлмаётгани ва уни тезлаштириш мақсадида кадрлар алмашинуви амалга оширилди”, - дейилган хабарда.
Гулмурод Мавлонов - Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари этиб тайинланди. Мавлонов ушбу тайинловга қадар Геология департаменти бошлиғи эди.
Анвар Гадоев - “Ўзбекнефтгаз” АЖ Геология департаменти бошлиғи этиб тайинланди. Гадоев Нефть ва газ конларини геологияси ҳамда қидируви институтида узоқ йиллар фаолият олиб борган.
Шуҳрат Даулетияров - Капитал қурилиш ва таъмирлаш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Даулетияров ушбу тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ижросини мониторинг ва назорат қилиш шўъбасида фаолият юритган.
Улуғбек Қодиров - нефтни қайта ишлаш, нефткимё, нефть маҳсулотларини сақлаш ва транспортировка қилиш департаментининг бошлиғи этиб тайинланди. Қодиров Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида турли лавозимларда фаолият олиб борган.
Хушнуджон Маҳмудов - Молиявий институтлар билан ишлаш ҳамда қарздорлик мажбуриятларини бошқариш департаментининг бошлиғи этиб тайинланди. Маҳмудов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖда турли лавозимларда фаолият юритган.
Жавоҳирбек Анваров - Корпоратив муносабатлар ва активларни бошқариш департаменти бошлиғи этиб тайинланди. Анваров Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Лойиҳа ва импорт шартномаларни мажмуавий экспертиза маркази”да ҳам турли лавозимларда ишлаган.
Эскендер Ахаев - Иқтисод ва режалаштириш департаменти бошлиғи этиб тайинланди. Ахаев шу кунга қадар “Ўзбекнефтгаз” Акциядорлик жамияти Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаменти Асосий воситалар, инвестициялар, материаллар ва харажатлар ҳисоби бўлими бошлиғи – Бош бухгалтер ўринбосари бошлиғи лавозимида фаолият юритган.