ТОШКЕНТ, 21 янв - Sputnik. Барча таълим муассасалари 24 январдан бошлаб бир ой онлайн шаклга ўтади, деб хабар қилди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.
"Барча олий (давлат, нодавлат, хусусий ҳамда хорижий филиаллар) ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейларда (барча таълим шакллари ва турлари бўйича) жорий йилнинг 24 январидан бошлаб, бир ой муддат давомида таълим олиш тизими масофавий (онлайн) шаклда олиб борилади", - дейилган хабарда.
Ушбу чора Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифига кўра қабул қилинган. Бунга коронавируснинг янги штамми болалар ва ёшлар орасида тарқалаётгани сабаб бўлган.
Шу билан бирга талаба ва ўқувчилар учун янги йил каникуллари арафасида жорий этилган, авиа ва темирйўл чипталарига 50 %ли чегирмалар 2022 йил 24 февралга қадар сақлаб қолинади ва шу билан бирга ушбу чипталари бепул равишда бошқа муддатга алмаштириб берилади. Яъни чипталарни шошмасдан бир ой давомида алмаштирса бўлади, дейилган хабарда.
Ундан ташқари, вазирлик, бугунги эпидемиологик вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўли — бу вакцинация деб, барча фуқароларни эмланишга даъват қилмоқда.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда коронавируснинг янги штамми жуда тез тарқалаётганини кузатиш мумкин. Сўнгги кунларда янги қайд этилаётган ҳолатлар рекорд даражада кўпаймоқда. ССВ хабарига кўра 19 январь куни Ўзбекистонда 1307 кишида коронавирус аниқланган.