Тошкент жамоат транспорти Россия тажрибаси асосида такомиллаштирилади

Президентга пойтахт жамоат транспортини ривожлантиришга оид режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди. Улар орасида пойтахтда фойдаланиш мумкин бўлган Россия тажрибаси ҳам бор.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Россия тажрибаси билан бирга Германия тажрибасидан ҳам фойдаланилади.

“Тақдимотда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ва транспорт инфратузилмасини Германия ва Россиянинг мегаполисларни ривожлантириш борасидаги илмий асосланган тажрибаси асосида такомиллаштириш имкониятлари тўғрисида маълумот берилди”, - дейилган хабарда.

Хабарда ёзилишича, қулай жамоат транспорти шаҳарнинг энг муҳим шартларидан биридир. Лекин жамоат транспорт тизими пойтахтдаги ўзгаришлардан орқада. 350 та автобуснинг фойдаланиш муддати 10 йилдан ошган, 393 та автобус етишмайди. Тирбандликлар оқибатида автобуслар орасидаги интервал тиғиз пайтда 30 дақиқагача етмоқда. Оқибатда йўловчилар бу хизматдан норози бўлиб, шахсий транспортдан фойдаланишга ўтиб кетмоқда. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 79 фоизни, жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси эса бор-йўғи 21 фоизни ташкил этмоқда.
Президент тақдимотда ҳудудлардан Тошкент шаҳрига келишдаги асосий йўлларда 10 та замонавий шоҳбекат, йўловчилар жуда кўп бўладиган 6 та метро бекати ёнида автотураргоҳлар барпо этиш бўйича топшириқ берди.
Жорий йилда “Қўйлиқ-Қипчоқ” ерусти метроси қурилиши ҳам якунланади. Бунинг натижасида енгил автомобилдан фойдаланаётган 70 минг аҳоли учун жамоат транспортида юришга қулай шароит яратилади.
ЙПХ постларида “яшил” ва “қизил” йўлаклар пайдо бўлади
Бундан ташқари, йўловчилар оқимининг келгуси 5 йиллик прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспорти тизимининг иқтисодий-математик моделини яратиш, Транспорт университети илмий салоҳиятини ошириш зарур.
Давлат раҳбари йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш орқали мазкур чорраҳаларда ўтказувчанлик ва қулайликни ошириш кераклигини таъкидлади.
Бу йил 200 та чорраҳада ҳаракатни транспорт оқимига қараб бошқариш тизими жорий этилиши, 180 километр пиёда ва велосипед йўлаклари қурилиши, 2 минг автомобилга мўлжалланган тўхташ жойлари ташкил этилиши белгиланди.
Шунингдек, жорий йилда автобус паркининг 35 фоизи янгиланади. Бунинг учун 410 та автобус ва электробус харид қилиниб, катта сиғимли автобуслар сони 2 баробар оширилади. Шаҳарда электромобиллар учун қувватлаш станцияларини ташкил этилади.
Тошкент транспортини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди – тафсилотлар
Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахтимизда жамоат транспортини ривожлантириш концепциясини қайта кўриб чиқиб, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш топширилди.
Истиқболда барча вилоят марказларидаги жамоат транспортини уларнинг аҳоли сони, яшаш ва иш жойлари, ривожланиш хусусиятларидан келиб чиқиб пойтахт тажрибаси ва илмий ёндашув асосида такомиллаштирилиши таъкидланди.