Ўзбекистонда 5 ёшдан юқори бўлган болаларни коронавирусга қарши эмлашга рухсат берилди

5-11 ёшдаги болаларни эмлаш учун вакцинанинг 0,1 мл дозаси қўлланилади. Бунинг учун ота-оналар ёки васийларнинг розилиги талаб этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Ўзбекистонда 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни коронавирусга қарши эмлашга рухсат берилди. Бу ҳақда АОКАда брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, халқаро ва республика даражасидаги экспертлар тавсиялари ҳамда аҳоли мурожаатларини инобатга олиб, болаларни "Pfizer" вакцинаси билан ихтиёрий эмлашга рухсат берилган. Бунинг учун ота-оналар ёки васийларнинг розилиги талаб этилади.
5-11 ёшдаги болаларни эмлаш учун вакцинанинг 0,1 мл дозаси қўлланилади.
8 январь ҳолатига кўра, мамлакатда 696 107 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар коронавирусга қарши вакцина билан ихтиёрий равишда эмланган.
Ноябрь охирида Россияда COVID-19 га қарши 12-17 ёшли ўсмирлар учун мўлжалланган “Спутник-М” вакцинаси рўйхатдан ўтказилган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Россия яратаётган коронавирусга қарши болалар вакцинасига қизиқиш билдирмоқда.