ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Куни кеча Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси “Жибек йўли” назорат-ўтказиш пунктида Ўзбекистон Республикасига кетмоқчи бўлган вақтида Ўзбекистон Республикаси фуқароси 1993 йилда туғилган Е. қўлга олингани ҳақида хабар берганди.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон ТИВ расмий вакили баёнот берди.
“Яқинда қатор оммавий ахборот воситаларида Қозоғистонда содир бўлган тартибсизликларда иштирок этишда гумон қилинаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2022 йил 17 январь куни Туркистон вилояти (Қозоғистон Республикаси) "Жибек жоли" ўтиш пунктида қўлга олинганлиги ҳақида янгиликлар эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Олма-ота шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, қўлга олинган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмас.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ахборот Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитасининг веб-сайтида жойлаштирилган”, - деб ёзган ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов.