ТОШКЕНТ, 18 янв - Sputnik. Қозоғистонда тинчликпарварлик миссиясини якунлаб қайтиб келган тинчликпарвар кучлари Москва вилоятидаги Чкаловский аэродромида нон, туз ва оркестр садолари остида кутиб олинмоқда.
КХШТ тинчликпарвар кучлари Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бошланганидан сўнг, президент Қосим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан киритилган эди. Республикада конституциявий тартиб ўрнатилганидан сўнг президент КХШТ қўшинлари қисқа вақт ичида олиб чиқилишини эълон қилган эди.
Маълумот учун, 15 январ шанба куни КХШТ тинчликпарвар кучлари таркибида иштирок этган Россия ҳарбийлари Қозоғистондан 10та самолётда Иваново вилоятидаги “Северный” аэродромига қайтиб келгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда янги йил байрамидан сўнг суюлтирилган газ нархи ошишига қарши оммавий норозиликлар бошланган эди. Дастлаб мамлакат шимоли ғарбида бошланган тинч намойишлар мамлакат жанубида оммавий тартибсизликларга айланиб кетган эди. Намойишчилар сиёсий талаблар қўйиш, ҳукумат биноларига ўт қўйиш ва магазинларни талон-тарож қилишни бошлаган эди.