Андижонда 12 туп элдор қарағайи кесиб ташланиши юзасидан жиноий иш очилди

Бош прокуратура маълумотларига кўра, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳаракатлари оқибатида табиатга 115,5 млн сўм зарар етказилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудида ноқонуний равишда дарахт кесиб ташланиши юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
Мазкур ҳолатни Бош прокуратура ишчи гуруҳи ўрганган.
Маълум қилинишича, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш. вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп элдор қарағайларини (Pinus eldarica) қонунга хилоф равишда кестириб юборгани оқибатида табиатга 115,5 млн сўм зарар етказилган.
Ҳозир Ғ.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳаракатлар учун жаримадан тортиб уч йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижон вилояти перенатал марказида 12 туп элдор қарағайи кесиб ташлангани хабар қилинган эди. Экология қўмитаси суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирган.
Президент фармони билан 2021 йил 30 декабрдан дарахт кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган.