ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) раҳбари Шерзод Кудбиев меҳнат мигрантлари учун даромад солиғи жорий этиш қанчалик мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги саволга жавоб берди.
Мен бунга қатъиян қаршиман. Меҳнат вазирлигининг собиқ раҳбари сифатида мен улар (мигрантлар – Sputnik) мамлакат иқтисодиётига қандай ёрдам кўрсатишаётганини яхши биламан.
Кудбиев мигрантларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишни таклиф қилди. Агар меҳнат стажи ёзилиши ва пенсия олишни исташса, бир йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварида тўловни амалга оширишлари кифоя.
2021 йил октябрида Ўзбекистон президентлигига номзод, "Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров чет элда ишлаётган ватандошлар учун даромад солиғини жорий этишни таклиф қилган эди.
"Мамлакатнинг тараққиёти учун солиқларнинг ўрни жуда муҳим. Нима учун бизда мигрантлар хорижда ишлаб топган даромадидан солиқ тўламаслиги керак? Ўзбекистоннинг тараққиёти учун, келинглар, солиқ тўлайлик", — деганди Қодиров.
Ўшанда президентликка номзод бўлган Шавкат Мирзиёев, у раҳбар бўлса, мигрантлар ҳеч қачон солиққа тортилмаслигини айтганди. Аксинча, уларга Ўзбекистонда шароит яратиб беришга ҳаракат қилиш керак.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия ўртасида узоқ вақтдан бери икки томонлама солиққа тортишни истисно қилиш тўғрисидаги бир қанча шартномалар амал қилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатлар чет элга чиқаётган фуқаролар учун қулай иш шароитларини яратиш мақсадида бу соҳада ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Масалан, мигрантлар ишга жойлашиш харажатларини қоплаш учун компенсация миқдори кўпайтирилади.