Минск аэропортида UzAirways cамолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди

Минск аэропортида UzAirways cамолёти учиш-қўниш йўлагидан ташқарига чиқиб кетди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Минск аэропортида UzAirways cамолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди.
SPUTNIК Беларусь хабарига кўра, бунга кучли қор ёғиши ва қор бўрони сабаб бўлган: “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпаниясининг Airbus А-320 самолёти Тошкент-Минск рейси бўйича қўнган, бироқ бошқарув вақтида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди.
Самолёт бортида 115 нафар йўловчи бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, жароҳатланганлар йўқ, самолётга шикаст етмади.
Миллий авиакомпания ҳолат юзасидан баёнот берди.
“17 январ куни Тошкент-Минск йўналишидаги HY-709 қатновни амалга оширган Uzbekistan Airways авиакомпаниясига тегишли Airbus A-320 ҳаво кемаси кучли қор ёғиши ва қор бўрони вақтида 13:35 (Тошкент вақти билан) Минск Миллий аэропортига муваффақиятли қўнди. Бироқ, ҳаво кемаси бошқарув вақтида учиш-қўниш йўлагидан ташқарига чиқиб кетди.
Фавқулодда вазият вақтида ҳаво кемаси саҳнида 11 нафар экипаж аъзолари ва 115 йўловчи бўлиб, улар орасида зарар кўрганлар йўқ. Ҳодиса натижасида ҳаво кемаси зарар кўрмаган”, - дейилган авиакомпания хабарида.