Самарқандда кучли шамол кўп қаватли уйнинг томини учириб юборди

Кучли эсган шамол шаҳарнинг Гагарин кўчасида жойлашган 36-уй томининг бир қисмини учириб кетган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда кучли шамол Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйнинг томини учириб кетгани тасвирланган видеолар тарқалди.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса 2022 йил 16 январ куни соат 03:22 ларда содир бўлган. Кучли эсган шамол Самарқанд шаҳар Гагарин кўчасида жойлашган 36-уй томининг бир қисмини учириб кетган. Томнинг тунука, ёғоч бўлаклари кўчага тушган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмагани айтилмоқда.
Аввалроқ Ўзгидромет 15 январдан 16 январга ўтар кечаси Навоий, Бухоро, Самарқанд ҳудудларида кучли жанубий шамоллар эсишидан огоҳлантирган эди.