Хорижий фуқароларни мобил илова орқали рўйхатга олиш тартиби киритилади - Казакова

Россияда хорижий фуқароларни миграция рўйхатига олиш муддати 30 кун бўлади ва улар мобил илова орқали рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 янв - Sputnik. Россияда хорижий фуқароларни миграция ҳисобига олиш тартиби жиддий ўзгариши кутилмоқда. Бу ҳақида "Известия" нашрига берган интервьюсида Россия ИИВ Миграция бўлими бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди.
Маълумки, Россияга ҳар қандай мақсадда кириб келган хорижий давлат фуқаролари 7, 15, 30 ёки 90 кун кун ичида миграция ҳисобига туришлари керак. Ушбу муддат хорижий фуқаро қайси давлатдан келганига қараб турлича бўлиши мумкин. Ўзбекистон фуқаролари учун - 7 кун.
Ундан ташқари рўйхатга олиш жараёни ҳам анча мураккаб ва турли вазиятларда турлча ҳужжатлар талаб қилади. Аксарият ҳолларда бу келган киши ва қабул қилувчи томон учун ҳам қийнчиликлар туғдиради.
Россия ИИВ томонидан ишлаб чиқилган янги қонунда, барча хорижий фуқаролар учун ягона ёндашув қўллаш режалаштирилган.
Яъни - барча хорижий фқаролар кириб келганидан сўнг 30 кун ичида миграция рўйхатидан ўтиши керак. Фуқаро меҳмонхонада жойлашган тақдирда муассаса уни 1 кун ичида рўйхатга олиши керак.
Энг муҳими, рўйхатга олиш жараёни соддалаштирилади. россияга 30 кундан ортиқ муддатга келган фуқарога тиббий кўрик ва дактилоскопиядан ўтганидан сўнг ягона электрон ҳужжат берилади.
Ушбу ҳужжат ёрдамида хорижий фуқаро мустақил равишда Ягона портал ёки мобил илова орқали миграция рўйхатидан ўтиши мумкин. Бунда қабул қилувчи томоннинг бевосита иштироки (ҳозиргидек) талаб этилмайди.
Турар жойда мустақил равишда рўйхатдан ўтиш учун хорижий фуқаронинг ушбу хонадондан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати бўлиши керак. Ижара ёки вақтинчалик бепул фойдаланиш шартномаси.
Уй эгаси хорижий фуқаро рўйхатга олингани тўғрисида 3 кун ичида огоҳлантирилади. Хонадон эгаси томонидан хорижий фуқаронинг турар жойдаг вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи тасдиқланмаган тақдирда - хорижий фуқарога нисбатан маъмурий чора қўлланилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб 2020 ва 2021 йилларда пандемия туфайли Россия президенти Владимир Путин томонидан хорижий фуқароларни рўйхатга олиш тартибини бузганда уларни маъмурий жавобгарликка тормаслик борасида берилган енгилликлар муддати тугаган.
Янги йилдан бошлаб Россияга 90 кундан ортиқ муддатга келган хорижий фуқаролар тиббий кўрик ва дактилоскопиядан ўтиши мажбурий этиб белгиланган.