Тошкентда 12 та махсус COVID поликлиникалар ишга тушди - ССВ

Мурожаат қилган беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, уйда даволанишга ёки махсус шифохонага юборилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 янв - Sputnik. Тошкент шаҳрида 12 та махсус COVID поликлиникалари ишга тушди, деб хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Ўзбекистонда коронавируснинг янги ҳолатлари энг кўп аниқланаётган Тошкент шаҳрининг 12 та туманида биттадан 24-соат ишлайдиган махсус COVID поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
коронавирус инфекцияси авж олишининг олдини олиш;
коронавирус инфекцияси аниқланган, бироқ хасталик клиник белгиларсиз ёки енгил шаклда кечаётган беморлар саломатлигини назорат қилиш;
коронавирусга чалинган беморларга амбулатор ва уйига борган ҳолда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш.
Ҳар бир муассасага шифокорлар билан бир қаторда, тиббиёт олий ўқув юртларининг етакчи мутахассислари ҳам жалб қилинган. Махсус COVID-поликлиникалар манзиллари билан батафсил қуйида танишиш мумкин.
Беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, ПЗР-тест, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритмалар билан таъминланган.
Мурожаат қилган беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун зарур тавсия ва коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган "COVID-box"лар берилади. Беморнинг аҳволи оғир бўлса, зудлик билан махсус шифохонага юборилади.
Маълумот учун, сўнгги кунларда дунёда коронавирус инфекцияси авж олиши, айниқса Omicron штамми сабабли вазият анча таҳликали бўлгани туфайли кўплаб давлатлар кескин карантин чораларини қўллашни бошлаган.