ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Ўзбекистонда январь ойининг дастлабки 10 кунида тез ёрдам хизматига 349 минг 436 та чақириқ келиб тушган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, шу давр мобайнида тана ҳароратининг кўтарилиши бўйича 32 минг 400 та, коронавирусга гумон қилинган, касалликка чалинган ва бошқа юқумли касалликлар билан1338 та мурожаат қайд этилган. Сўнгги кунларда коронавирус билан касалланиш ҳолати кескин ортгани сабаб тез ёрдам хизматига бўлган талаб ва чақириқлар сони ҳам кўпайган.
Таққослаш учун, 2021 йил декабрь ойи дастлабки ўн кунлигида тез ёрдамга мурожаатлар сони 320 минг 980 тани ташкил қилган эди.
Шунингдек, январь ойининг илк кунлари “103” хизматига бир кунда ўртача 34 минг 600 та чақириқ қабул қилинган бўлса, 9-10 январь кунлари мурожаатлар сони бироз ортиб, қарийб 37 мингтага етган.
“Афсуски, сўнгги кунларда Тошкент шаҳар аҳолиси орасида COVID-19га гумон қилинган, касаллик тасдиқланган ҳамда бошқа юқумли инфекцияларга чалинган фуқаролар томонидан “103” хизматига тез-тез мурожаатлар бўлмоқда”, - дейилган хабарда.
Хусусан, жорий йилнинг 1-10 январь кунлари шаҳар “Тез ёрдам”га жами 36 минг 925 та чақириқ келиб тушган. Шундан тана ҳароратининг кўтарилиши бўйича 8636 та, коронавирусга гумон қилинган, касалликка чалинган ва бошқа юқумли касалликлар билан 663 нафар бемор мурожаат қилди.
Шунингдек, жами 5751 нафар бемор касалхонага ётқизилган.