ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Ўзбекистон Фанлар академияси (ЎФА) Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти олимлари юмшоқ буғдойнинг “Паҳлавон” навини яратишди.
Янги нав 2021 йилда Сирдарё вилояти Баёвут тумани уруғчилик фермер хўжаликларида кўпайтирилган. Гектарига ўртача 55 центнердан ҳосил олинган ва 280 тонна суперелита уруғи тайёрланган. Тайёрланган уруғлик элита уруғчилик хўжаликларида 2022 йил ҳосили учун экилган.
“Паҳлавон” нави камсувлик ва шўрга чидамли, занг касалликларига эса ўртача чидамли”, - дейилади Академия хабарида.
Бу навнинг бошқа навлардан фарқи шундаки, у маҳаллий шароитга мослашган, ўрта пишар ва ўрта бўйли (100-110см), ётиб қолишга чидамли, сомонининг юмшоқлиги.
Қолаверса, сифатининг юқорилиги чорвачиликда ем-хашак сифатида фойдаланиш имкониятини беради.