ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik.Мигрантлар орасида жиноятчиликнинг ўсиб бориши муаммоси янгича ёндашувни талаб қилади, бунинг учун “миграция жараёнларини такомиллаштириш” зарур, деди Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин РИА Новостига берган интервьюда.
"Меҳнат мигрантлари орасида жиноятчилик ортиб бориши муаммоси ҳам янгича ёндашувни талаб қилади. Асосан улар Марказий Осиё республикаларидан келган ёшлар бўлиб, кўп ҳолатларда “вербовка” объектига айланиб қолишади", - деди Бастрикин.
Мисол тариқасида у ўтган йилнинг март ойида Майкопда савдо марказини портлатишга тайёргарлик кўриш бўйича ФХХ ходимлари томонидан қўлга олинган келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган фуқарони эслатди. Қўлга олинган шахсда қўлбола бомбанинг таркибий қисмлари, бомба тайёрлаш бўйича қўлланмалар, “Ислом давлати”*нинг рамзлари, шунингдек, қалбаки миграция ҳужжатлари топилди.
Тергов қўмитаси раҳбари экстремизмга қарши курашиш учун миграция соҳасидаги қонунларни тизимлаштириш, автоматлаштириш даражасини ошириш ва иш берувчилар билан алоқа ўрнатишни таклиф қилди.
Шунингдек, мигрантлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган салбий жараёнларга ўз вақтида муносабат билдириш мақсадида “мигрантлар ҳақида маълумот олиш чораларини кўриш керак”, деб ҳисоблайди у.
* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти