ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Тошкент шаҳрида 7 январь куни ЙҲХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, қочишга уринган “Malibu” ҳайдовчисига нисбатан ўқотар қурол қўлланган эди.
Воқеа иштирокчилари ЙПХ инспектори ва ҳайдовчи ҳодиса тафсилотларини маълум қилишди.
“Юнусобод тумани Янгишаҳар кўчасида йўлнинг қарама-қарши томонидан Malibu русумли давлат рақами бўлмаган автоулов катта тезлик билан ҳаракатланиб келаётган пайтида йўлнинг ўртасига чиқиб, тўхтатиш мақсадида диққат ишорасини бердим. Диққат ишорага бўйсунмасдан ҳаракатлангани, фуқаролар ҳаётига хавф солгани ва ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмагани сабабли ИИВ меъёрий буйруқ ва талабларига асосан қурол қўлладим”, — дейди ЙПХ инспектори Элшод Раҳматов.
Ҳужжатлар ўрганилганида ушбу фуқаро 2006 йилда ҳам ЖКнинг “транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” моддасида кўрсатилган жиноятни содир этгани аниқланган.
Бундан ташқари, ҳайдовчи 2021 йилда хавфсизликни камарини тақмаслик, қизил чироқдан бўйсунмасдан ўтиш, рухсатсиз туси ўзгартирилган ойна ўрнатиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш ва йўл белгиларига амал қилмаслик каби қоидабузарликларни содир этган. Бунинг учун жами 7 миллион 900 минг сўмдан зиёд жаримага тортилган.
“Белдирсойга бордим. Ўша ерда ароқ ичдим. Тўрт кун турдим, бешинчи куни бу ер қимматлик қиларкан, деб ҳисоб-китоб қилмоқчи бўлдим. Ёнимдаги пул етмасди, Тошкентга дўконимдан пул олиш мақсадида келгандим. Тўғри уйимга келдим. Ходимларнинг тўхтатишига қарамасдан, қонуний талабларига бўйсунмадим. Қилган ишларимдан афсусдаман, айб менда, бўйнимга оламан. Ароқ ичибман, пиво ичибман, кейин ‘вообше’ ўчиб қолибман”, — дея айбини тан олган “Malibu” ҳайдовчиси.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.