“Омикрон” Ўзбекистонда: мамлакат пандемияга қарши қандай курашмоқда

Кўпга келган тўй деганларидай мана қарийб икки йилдирки Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда.
Sputnik
Бу давр мобайнида мамлакатда ушбу инфекцияга чалинган беморларни даволаш учун Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 2 та махсус тиббиёт мажмуаси қуриб топширилди. У ерда фаолият олиб бораётган шифокорлар пандемия даврида қандай тажриба орттиришди, дунёни хавотирга солаётган ковиднинг омикрон штаммига улар қанчалик тайёр?
Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, у ерда фаолият олиб бораётган шифокор – мажмуанинг 3-бўлими бошлиғи Барно Мусаева билан суҳбатлашдик.
Тезкор қурилиш: Зангиотада вирусология шифохонаси қандай қурилмоқда
Барно Мусаева – мутахассислиги бўйича педиатр. Пандемияга қадар у Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар қабул бўлимида ишлаган.
Педиатр Барно Мусаева
“Ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди, 2020 йилнинг август ойи бошларида тўсатдан “Зангиота-2” шифохонасига келтирилган болаларда коронавирус аниқланибди. Шошилинч педиатр керак, деган хабарни олдик”, - дейди шифокор коронавирусга қарши курашиш учун бел боғлаган илк пайтларини ёдга олиб.
Улардан касалликни юқтирган болаларни у ерга бориб даволаш талаб қилинган ва бу вазифа Мусаеванинг зиммасига юклатилган.
“Уйга келиб зудлик билан нарсаларимни йиғиштирдим. Оила аъзоларим қўрқув ва ваҳимада бўлишларига қарамасдан, боришимга қаршилик қилишмади. Бу ҳам бир фронт каби, унда ҳар бир киши ўз зиммасига юклатилган вазифани сўзсиз бажариши шарт”, - дейди Мусаева.

Янги касалликка қарши аёвсиз курашдик

Мутахассислиги педиатр бўлишига қарамай, Барно Мусаева “Зангиота-2” юқумли касалликлар шифохонасида иш бошлаб, айнан коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича дарс олди.
“Касаллик янги, унинг белгилари янги. У билан қандай курашиш керак, қайси дори яхши самара беради, беморнинг эртанги ҳолати нима бўлади, билмай қоласиз, - дейди у. – Боз устига бу касаллик ҳаммада ҳар хил кечади. Бир одамнинг организмига яхши таъсир қилган дори бошқа бир киши организмига фойда бермаслиги мумкин. Шу сабабли бошида биз шифокорлар ноаниқ хусусиятларга эга касаллик билан курашдик”.
Лекин шуниси аниқки, педиатрия соҳасидаги билимлари Мусаевага болаларни даволашда ас қотган. 6 ёшли қизчани ота-онасиз шифохонада олиб қолиб даволаган кунлари бўлган.
“У билан 10 кун давомида бирга яшадим. Уни даволаб, онасининг бағрига қайтардик. Қизалоқни олиб кетишга келган ота-онасининг кўзидаги қувонч ҳеч эсимдан чиқмайди”, - дейди мутахассис.
Ёшлар орасида коронавирусга чалиниш икки баравар кўпайди - шифокор

Қўрқув – энг катта душман

Пандемия давридаги бир ярим йиллик фаолияти давомида Барно Мусаева юзлаб беморларни кўрган. Улар билан мулоқотда бўлиб, касалликни даволаш бўйича катта тажриба орттирди.
Шифокорнинг таъкидлашича, қаттиқ қўрқув билан келган беморларнинг бу касалликни енгишлари қийин кечган. Коронавируснинг шундай жиҳатлари бор эканки, инсоннинг қайси органлари заифроқ бўлса, ўша жойига салбий таъсир кўрсатар экан.
“Яна бир ёмон томони асаб тизимини еб қўяркан. Бу касалликни енгиш учун аввало қўрқувдан қутилиш керак”, - дейди мутахассис.
Бир онахон жуда оғир аҳволда, ўпкаси 70 фоиз зарарланган ҳолда касалхонага келтирилган. Унга реанимацияда 3-4 кун ётишига тўғри келишини айтишган.
“Онахон реанимациядан жуда қўрқишларини айтиб, аввалига қаршилик қилдилар. Сўнг уларга касалликни енгишимиз учун қўрқувдан воз кечмасак бўлмаслигини тушунтирдим. Қўрқувни енгиб, менга ишондилар. Шу онахон тузалиб кетганларига қарийб бир йил бўлди. Ҳар жума менга яхши тилаклар билдирадилар. Ич-ичимдан хурсанд бўламан”, - дейди Мусаева қувончларини яширмай.
Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси жонлантириш бўлимида асосан кимлар даволанмоқда

Ҳар битта ўлим сочимизга минглаб оқ туширди

Бу ердаги шифокорларнинг фаолияти фақат яхши хотиралардан иборат эмас, табиийки ўтган давр мобайнида улар беморларнинг ўлим ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлишди. Шифокорнинг сўзларига кўра, ёндош касаллиги бор ёки вирусдан жуда қаттиқ қўрқиб, ушбу қўрқувини енга олмаган беморларида ўлим ҳолатлари кузатилган.

“Ҳар битта ўлим сочимизга минглаб оқ туширди. Баъзида ташқарида “шифокорлар яхши қарашмабди”, деган гапларни эшитиб қоламан. Аслида унақа эмас. Бу ерда ишлаётган ҳеч бир шифокор беморларга бефарқ бўла олмайди. Беморнинг кўзлари бефарқ бўлишга йўл қўймайди”, - дейди Мусаева.

У ўлим ҳолати нафақат беморнинг тузалишига умид қилган унинг яқинлари, балки уни даволашга киришган шифокор учун ҳам фожиа эканини қайд этди.
COVID-19ни енгишда ўзбекча кураш сирлари – эпидемиологлар билан эксклюзив интервью
“Касалхонамиздаги йигирмата бўлим бошлиқлари биргалашиб йиғлаган кунларимиз бўлди. Аҳволи яхшиланиб, кундан-кунга тузалиб бораётган беморлар тўсатдан вафот этган ҳолатларга гувоҳ бўлдик. Ўша кунлар қайтмаслигини хоҳлайман. У кунларни ҳеч кимга раво кўрмайман”, - дейди шифокор.

“Омикрон” Ўзбекистонгача етиб келган: бепарво бўлмайлик

Мусаеванинг сўзларига кўра, икки мингта ўринга мўлжалланган “Зангиота-2” шифохонасида айни кунларда 400-500 нафар бемор даволанмоқда.
“Бизда беморларни даволаш учун барча шароитлар яратилган. Замонавий тиббий жиҳозлар, керакли дори воситаларининг ҳаммаси мавжуд”, - дейди у.
Пандемия даврида ёрдам бериш ва тажриба алмашиш учун шифохонага ташриф буюрган қатор хорижлик, жумладан, россиялик шифокорлар буни алоҳида қайд этишган. Шифохонада бугунги кунда авж олаётган коронавируснинг янги омикрон штаммига қарши курашиш учун ҳам тайёргарлик кўрилган. Зарурий чоралар қабул қилинган. Тажрибали шифокорлар бу штаммга ҳам қарши курашишга ҳар доимгидек шайлар.
Россиялик реаниматолог: Ўзбекистон COVID-19 пандемиясига тайёрлиги билан ҳайратлантирди
“Касаллик бутунлай чекингани йўқ, шундай экан фуқаролар карантин қоидаларига риоя этишда давом этиши керак. Хориж мамлакатларида коронавируснинг янгидан-янги штаммлари тарқалаётган бир пайтда ҳар бир киши ўзини ҳимоя қилиши жуда муҳим”, - дея хулоса қилди Барно Мусаева.
Ўзбекистонда Omicron штамми аниқланди